Биринчи Президент хотираси ёд олинди

30 январь, Тошкент шаҳри. Анъанадагидек, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига кенг жамоатчилик йиғилди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар ҳам Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат кўрсатди.

Эл фидойиларини унутмаслик, яхши ишларини эслаш ва қадрлаш миллатнинг миллатлигини кўрсатадиган жиҳат. Бу кейинги авлодлар учун ҳам ибрат, ҳам фазилатдир.

Маросимда ана шундай эҳтиром намоён бўлди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Биринчи Президентимизнинг мамлакатимиз манфаати йўлидаги тарихий ишлари, олижаноб хислатлари ёдга олинди.

Давлатимиз раҳбари мажмуада Ислом Каримов музейини ташкил этиш ишларининг бориши билан танишди.  

Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.

https://president.uz