Истара деҳқон бозори замонавий кўриниш касб этади

Истара деҳқон бозори замонавий кўриниш касб этади.

Қизириқ тумани марказидаги автошоҳбекат ҳудудида деҳқон бозори реконструкцияси ва кўп қаватли турар жойлар қурилиши бўйича лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Туманнинг “Оқжар” маҳалласида 3,3 гектар майдонда жойлашган “Истара деҳқон бозори”ни қайта реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар билан танишилиб, умумий қиймати 15,8 млрд бўлган ушбу лойиҳани такомиллаштириш, соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда шаҳарсозлик нормаларига мослаш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, бозор ҳудудида сотувчилар ва харидорлар учун зарур шароитлар яратиш ҳамда замонавий қулайликларга эга бўлишини таъминлашга эътибор қаратиш топширилди.

Қизириқ туманида кўп қаватли уй-жойлар қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, жумладан, туманнинг “Шодлик” маҳалласи ҳудудида 7 та 5 қаватли, 140 хонадонли турар-жой биноларини қуриш бўйича лойиҳа-тақдимотлари ўтказилди. Вилоят раҳбари танланган жой сувли, қишлоқ хўжалиги ерлари эканлигига эътироз билдириб, лойиҳани бошқа, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдонга кўчириш, қурилиш ишларини салоҳиятли қурувчиларга топшириб, хонадонлар таннархини арзон ва сифатли бўлишини таъминлаш бўйича масъулларга вазифаларни белгилаб берди.

Бундан ташқари тақдимотлар ўтказилган ҳудудда олиб борилаётган ҳунармандчилик маркази қурилишини якунлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда автошоҳбекат фаолиятини "Наврўз" байрамига қадар фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳар бир топшириқ вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинган бўлиб, вилоятимиз аҳолисидан амалга оширилаётган ишларнинг сифатли бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаоллик кўрсатишларини сўраймиз.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати.