Қизириқ туманида 2,6 гектар майдонда “Яшил боғ” ташкил этилмоқда

Қизириқ туманида 2,6 гектар майдонда “Яшил боғ” ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 30 декабрдаги Фармонига мувофиқ аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан уларнинг ҳудудида дарахтларни экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахсларни, биринчи навбатда, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни фаол жалб қилиш белгиланган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида бугун Қизириқ тумани “Шодлик” маҳалласида 2,6 гектар майдонда “Яшил боғ” ташкил этиш лойиҳаси бошлаб юборилди. Янги боғ ҳудудида дарахт кўчатлари экиш акцияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Акцияда боғ ҳудудида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик фаоллари иштирок этишди. Қизириқ туманида ташкил этилаётган ушбу “Яшил боғ” ҳудудига дарахт кўчатлари экиш тадбирлари давом этмоқда.

Ушбу боғда келгусида ишсиз шахсларни, биринчи навбатда, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати